Садриддин қайси мадрасада ўқимасин ёки қайси мударрисдан сабоқ олмасин – қунт билан ўқиди, гоҳ оч, гоҳ юпун бўлишига қарамай мустақил ўқишга айрича журъат билан ғайрат кўрсатди. Ўша замонда мадрасаларда, Айний иқрорича: “қуйидаги илмлар ўқитиларди: араб тилининг сарфу наҳви, мантиқ, ақоидий исломий (илми калом), ҳикмат (табиий ва илоҳий), фиқҳи исломий (таҳорат, рўза. Жаноза, ҳаж, закот, никоҳ, талоқ, савдо-сотиқ, қул сақлаш ва озод қилиш каби масалаларни, ибодатга ёки мусулмонлар жамияти орасида) бўладиган муносабат ва муаммоларга оиддирлар.” (Қаранг: Асарлар, 8 жилдлик, 5-том, 165-б.) Шунингдек, мадрасаларда ҳисобни, умуман математикага оид дарсларни ўқишни истаган талаба бу фаннинг мутахассисини топиб, унинг олдида ўқирди. Адабиётни истаган одам, у билан хусусий тарзда шуғулланарди.” (Ўша жой). Мадраса таълими тизимида китобдан китобга кўчиш амалиёти етакчи эди. Бир китобни тўла ўқиб-ўрганиб, имтиҳон топширгач, кейингисига ўтиларди. Айтайлик, “Шаҳри мулло” дарси тугагандан кейин, талаба дарсхонада мантиққа оид “Шамсия”нинг шарҳи бўлган “Ҳошия” номли китобни ўқир ва шу орада “кунжаки домла” олдида илми каломга оид бўлган “Ақоида Насафий” номли китобчани ҳам ўқиб, ёдлаб оларди. “Ҳошия” дарсига бир йил сарф бўлиб, сўнгра дарсхонада Алломаи Тафтазонийнинг асари шарҳи “Ақоида Насафий” дарси бошланар ва одат бўйича бу дарсга тўрт йил сарф бўларди. Мантиқ ва илми каломга оид “Таҳзиб” китоби икки йил, ҳикмати табиий ва илоҳийга оид “Ҳикматул — айн” китоби ҳам икки йил ўқилиб, уларнинг ҳар иккисига тўрт йил кетарди” (Ўша жойда, 166-167-б.) Айний шу хилда узоқ муддат давомида мадраса сабоғини олди. Айниқса, мумтоз адабиётни, Рўдакий, Абу Али ибн Сино, Саъдий Шерозий, Ҳофиз Шерозий, Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий, Абдулқодир Бедил асарларини айрича рағбат билан ўқиб ўрганди, айни чоқда ўзига замондош бўлган Аҳмад Дониш ва унинг адабий мактаби намояндалари Шарифжон Маҳдум, Абдулқодир Савдо, Шамсиддин Шоҳин, Қурбонхон Фитрати Вардонзеҳий, Ҳайрат ва бошқалар ижодиёти намуналарини ҳам қизғин мутолаа қилди, улар билан мушоираларда қатнашди. Бундай ижтимоий-ижодий ҳаёт бағрида ўзи ҳам ижод қила бошлади. У тахминан 15-16 яшарлигида –1894 йилдан эътиборан шеърлар ёза бошлаган. Дастлабки асарларига “Сафлий”, “Муҳтожий”, “Жунуний” тахаллусларини қўллаган, бу билан ўша даврдаги ижтимоий мавқеини ҳам, қисман бўлсада, ифодалашга уринган. Лекин вақт ўтгани сайин у ўз ижодкорлик истеъдодини қадрлашни англаб етди. Шу муносабат билан у “Қисқача таржимаи ҳолим” асарида қуйидагиларни ёзганди: “Менинг шеър ёзишимни эшитиб, тахаллусим ва унинг маъносини сўрай бошладилар. Бу сўроқлар менинг жонимга тегди. Маъноси кўп бўлган сўз топиб тахаллус қилмоқчи бўлдим. Шу мақсад билан луғат китобини варақлар эдим, кўзим “айн” сўзига тушди. Луғатда бу сўзнинг 48 хил маъноси кўрсатилган эди. Энг муҳимлари, чунончи, шулар: 1) кўз; 2) булоқ; 3) офтоб ва яна бошқалар. Мен бу сўзнинг кўз ва булоқ маъноларига нисбат бериб, ўзимга “Айний” тахаллусини қабул этишга қарор қилдим. Шундан кейин кимки мендан тахаллусимнинг маъносини сўраса, “48 маъноси бор”, луғатларни қидириб ўзингиз топиб олинг” деб жавоб қайтарадим. Бу жавоб ахмоқларни тинчитувчи ғалаба жавоб бўлар эди”.